Бугунги кунда юртимизда туризмини ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Дунёга машҳур гўзал шаҳарларимизда туризм инфратузилмасини барпо этиш, меҳмонлар учун барча керакли шарт-шароитларни яратиш, республикамизнинг туризм салоҳиятини ўрганган ҳолда уни юқори даражаларга олиб чиқиш ва туризм брендини яратиш бўйича кўплаб таклиф ва лойиҳалар кўриб чиқилмоқда ва ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони туризм тармоғини жадал ривожлантиришни таъминлаш, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини бериш, минтақаларда туризм салоҳиятидан самарали фойдаланишда муҳим омил бўлмоқда. Жумладан, кўплаб алломалар, донишмандлар ва мўътабар зотлар етишиб чиққан, жаҳонга машҳур зиёратгоҳ ва қадамжоларга эга бўлган мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, халқаро зиёратчиларни жалб этиш йўлида кўплаб залворли ишлар олиб борилмоқда.