Мовароуннахр

Мусо ал-Хоразмий (783–850)

Қурилиш, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик ва бошқа соҳаларни янада тараққий эттириш учун астрономия, геодезия, геометрия каби фанларни ривожлантириш зарурияти туғилди. Ўша даврнинг илғор олимлари бу фанларнинг амалий аҳамияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлиб, Муҳаммад ал-Хоразмий эса шу олимларнинг пешқадами ва йўлбошчиси эди.
Хоразмий дунё фанига ғоят катта хисса қўшди. У алгебра фанининг асосчиси бўлди. «Алгебра» сўзининг ўзи эса унинг «Ал-китоб
ал-мухтасар фи ҳисоб ал-жабр ва ал-муқобала» номли рисоласидан олинган. Унинг арифметика рисоласи ҳинд рақамларига асосланган бўлиб, ҳозирги кунда биз фойдаланадиган ўнлик позицион ҳисоблаш системаси ва шу системадаги амалларнинг Оврўпода тарқалишига сабаб бўлди. Олимнинг «ал-Хоразмий» номи эса «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг географияга дойр асари эса араб тилида ўнлаб географик асарларнинг яратилишига замин яратди. Хоразмийнинг «Зиж» и Оврўпода ҳам, Шарқ мамлакатларида ҳам астрономиянинг ривожланиш йўлини кўрсатиб берди. Лекин афсуски, фаннинг бир неча тармоқларига асос солган, «ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитлар назарга оласа, ҳамма даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири» (Ж. Сартон) бўлган бундай сиймонинг ҳаёти ҳақида маълумотлар деярли сақланмаган.
Хоразмий Хоразм ўлкасида туғилиб, ўсди. Адабиётларда 783 йил унинг туғилган йили деб қабул этилган. У дастлабки маълумот ва турли соҳадаги билимларни асосан ўз юртида, Марказий Осиё шаҳарларида кўпгина устозлардан олган, деб билмоқ мумкин.
Маълумки, ал-Маъмун 809 йилдан Марвда дастлаб халифа Хорун ар-Рашиднинг ноиби, сўнг 813 йилдан бошлаб халифа бўлади ва 819 йили Бағдодга кўчади. Ал-Маъмун Марвда бўлганида Хоразмий-ни, мовароуннаҳрлик ва хуросонлик бошқа олимларни ўз саройига жалб қилган.
Халифа ал-Маъмун даврида Бағдодда Марказий Осиё ва Хуросондан келган бир гуруҳ йирик олимлар ижод этган. Улар орасида Хоразмий билан бир қаторда Марвдан Яҳё ибн Абу Мансур, ал-Фарғоний, Щабаш ал-Марвазий, Холид ибн Абдумалик ал-Марваррудий, Форобдан Абул Аббос ал-Жавҳарий ва бошқа олимлар бор эди.
Хоразмий билан Бағдодда, кейинчалик «Маъмун академияси» деб танилган «Байт ул-ҳикма»да ижод этган олимларнинг барчасини ҳам Марказий осиёлик ёки хуросонлик дейиш хато бўларди. У ерда Сурия, Ироқ, Эрон ва халифаликнинг бошқа ерларидан келган олимлар ҳам ишлаган. Бироқ улар орасида Марказий осиёликлар салмоқли ўринни эгаллаган. Хоразмий ана шундай илмий муҳитда яшаб ижод қилди ва 850 йилда Бағдодда вафот этди.

Хоразмий қаламига мансуб 20 дан ортиқ асарларнинг фақат 10 таси бизгача етиб келган. Булар «Ал-жабр ва ал-муқобала ҳисоби ҳақида қисқача китоб»— алгебраик асар, «Ҳинд ҳисоби ҳақида китоб» ёки «қўшиш ва айириш ҳақида китоб»— арифметик асар, «Китоб сурат-ул-арз»— географияга оид асар. «Зиж», «Астурлоб билан ишлаш ҳақида китоб», «Астурлоб ясаш ҳақида китоб», «Астурлоб ёрдамида азимутни аниқлаш ҳақида», «Китоб ар-руҳома», «Китоб ат-таърих», «Яҳудийларнинг тақвими ва байрамларини аниқлаш ҳақида рисола». Бу асарларнинг тўрттаси араб тилида, биттаси Фарғонийнинг асари таркибида, иккитаси лотинча таржимада сақланган ва қолган учтаси ҳали топилган эмас.

UZBEKISTAN WEATHER