Мовароуннахр

Бурҳонуддин Марғиноний мақбараси

Бурҳониддин Марғиноний (1123–1197)

Шарқ Уйғониш даври шундай қомусий олимларни дунёга келтирдики, уларнинг жаҳон маданияти ва илму фанига қўшган ҳиссаси ҳанузгача ҳайрат билан эътироф этилади. 2000 йилда таваллудига ҳижрий сана бўйича 910 йил тўлиши муносабати билан кенг нишонланган Бурҳониддин Марғиноний ҳам ана шундай буюк сиймолардан биридир.

Исм ва насаблари - Абул-Ҳасан Али ибн Абу Бакр ибн Абдул Жалил ал-Фарғоний ар-Ришдоний Марғиноний. Ул зотни Бурҳон уд-дин ва-л-милла деган шарафли ном билан аташган. Милла дегани олимни улуглаб, уни мусулмон дунёсидаги халқлар ҳамда ислом динининг далили, исботи деб мадҳ этишдир.
 
Ул Зотнинг нисбаларидаги ар-Ришдоний нисбасини ал-Маркиноний нисбасидан олдин бўлишининг сабаби бир томондан, алломанипг айнан Ришдонда туғилганлиги бўлса, иккинчи томондан эса, ўрта асрларда Ришдон Марғилондан кўра каттароқ шаҳар бўлган. Шунинг учун ҳам Ришдон Марғилондан олдин қайд этилган. Бурҳониддин Марғинонийнинг насаби кўпгина манбаъларда ана шундай зикр қилинган.
Насаблари - Абу Бакр Сиддиқ разийаллоҳу анҳуга бориб етади, деб нақл этадилар.
Бурҳониддин Марғинонийнинг туғилган ватанлари бугунги Ўзбекистондир. Улар Фарғона водийсининг Ришдон қишлоғида таваллуд топганлар ва Марғилоннинг Пирсиддиқ маҳалласида 13 йил яшаганлар ҳамда шу ерда ўзларининг машҳур «Ҳидоя» китобларининг биринчи қисмини ёзганлар. Умрларининг сўнгги йилларини Самарқандда ўтказиб, ушбу китобни ҳижрий 573 йил зулқаъда ойининг 4-куни (милодий 1178 йилнинг апрель ойида) тугал тамомлаганлар.
Алломанинг таваллуд саналари хусусида ихтилофлар бор. Кўпгина манбаларда ул Зотнинг туғилган кунлари умуман қайд этилмайди. Абу Тоҳирхўжа Самарқандийнинг «Самария» номли китобида мавлоно Бурҳониддин Марғиноний ҳижрий 515 йилнинг 12-ражаб ойида шанба куни (милодий 1123 йил 23 сентябрда) таваллуд топган дейдилар. Ваҳоланки, .«Ҳидоя»нинг қадимий қўлёзма нусхаларидан бирида алломанинг туғилган кунлари 511 ҳижрий деб кўрсатилган. Шунга асосан 2000 йили таваллудларининг ҳижрий 910 йиллиги нишонланди. Бу ҳисобга кўра, Бурҳониддин Маргиноний таваллудлари 511 ҳижрий йилга тўғри кслади. Ул зот, Шомий «Радул мухтор»да ёзишича, 400 га яқин Муҳаммад номли фақиҳлар дафн этилган Муҳаммадийлар қабристони (Турбатул-муҳаммадийин) ёнида дафн этилган.
Бурҳониддин Марғиноний ёшлик чоғларидаёқ Қуръони каримни ёд олиб, ҳадисларни чуқур ўрганганлар ва 544 (1149) йилда муқаддас ҳаж сафарига   борганлар. Фанга қизиқиш Бурҳониддин Марғинонийни узоқ сафарларга бориб, ўша даврнинг асосий фанларини мукаммал ўзлаштириш учун имкон яратиб берган. У бутун умри давомида илм ўрганган ва Ислом оламининг ҳанафий мазҳаби бўйича буюк фақиҳи ва ҳуқуқшунос алломаси даржасига кўтарилган.
Бурҳониддин Марғиноний яшаган давр Шарқ (мусулмон) Уйғониш даврининг жамият, маданият ва фан тараққиёти ҳамда фиқҳ илмига катта зарурат туғилган бир даврига тўғри келган. Фиқҳ илми бўйича, у ёзган асарлар, айниқса, «Ҳидоя» китоби, ўша даврда мавжуд ҳамда катта амалий аҳамиятга молик бўлган кўплаб ҳуқуқий муаммоларни ечиб беришга қаратилган.
Буюк   фақиҳ   Бурҳониддин   Марғиноний   Қуръони   каримни, ҳадис илмларини мукаммал эгаллаб, фиқҳ -  ислом  ҳуқуқшунослиги  борасида бениҳоя чуқур илмга эга бўлганлар ва бу соҳада беқиёс дурдоналар яратганлар.
Бурҳониддин Марғиноний Ислом оламидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиш билан бирга ўзи ҳам фиқҳга оид йирик асарлар яратган.
Котиб Чалабий, Муҳаммад Абдулхай Лакнавий, «Ҳидоя»нинг айрим шарҳловчилари, шунингдек «Ислом Қомуси муаллифлари томонидан берилган маълумотларга кўра, ўндан зиёд мукаммал фиқҳий асарлар Бурҳониддин Марғиноний қаламига мансубдир.
Бурҳониддин Марғинонийнинг бизгача етиб келган асосий фиқҳий асарлари жумласига қуйидагилар киради:
1. «Нашрул мазҳаб» (Мазҳабнинг тарқалиши);
2. «Китоб ал-маносакул-ҳаж» (Ҳаж маросимлари ҳақида китоб);
3. “Китобун-филфароиз» (Мерос ҳуқуқи бўйича китоб);
4. «Китоб-аттажнийсу вал-мазийд» (Илмни зиёда қилувчи китоб);
5. «Мухторотун навозил» (Мажмуъ-уннавозил) (Нозил бўлган нарсалар мажмуаси);
6. «Китоб ул-машойих» (Шайхлар ҳақидаги китоб);
7. «Мазийдун фи фуруъил-ҳанафия» (Ханафий мазҳабига қўшимчалар);
8. «Шарҳ ал-Жомий-ал-Кабир Муҳаммад аш-Шайбоний» (аш-Шайбонийнинг «Жомиъу-кабийр» асарига шарҳ);
9. «Бидоят ул-мубтадиъ» (Бошловчилар учун дастлабки таълим);
10. «Кифоятул-мунтаҳий» («Якунловчилар учун тугал таълим»). «Бидоятул-мубтадиъ» асари учун ёзилган 8 жилдлик шарҳ:
11. «Ҳидоя» («Кифоятул - мунтаҳий» асари учун ёзилган 4-жилдлик шарҳ).
Лекин санаб ўтилган асарлар ҳақида тўлиқ бир тасаввур йўқдир. Чунки ўрта аср фақиҳларининг кўпгина асарлари каби, Бурҳониддин Марғинонийнинг ҳам асарларининг ҳаммаси бизгача етиб келмаган. Ўзбекистон Республикаси ФА Шарқшунослик институти Қўлёзмаиар хазинасида алломанинг бир қатор асарлари қўлёзма нусхалари бор: «Бидоятул-мубтадиъ» - тартиб рақами 3895, «Мажмаъ мухторот ан-навозил» .4624, «Ҳидоя фи ал-фиқҳ» - 11497 (4 нусха), «ал-Кифоя фий шарҳ Ҳидоя» -3618, «Ҳидоя фи ал-фуруъ» - 11046 (33 нусха).
Беш юз етмиш учинчи йилнинг Зулқаъда ойи, чоршанба куни «Ҳидоя» китобини ёзишга киришганлар. «Ҳидоя» уламои хослар ва оддий авомлар ўртасида мақбул китобга айланган.
Шарқда «Ҳидоя» номли анъанавий ёзиш усули бўлган. «Ал-Ҳидоя» арабча сўз бўлиб, «тўғри йўлдан олиб бориш» - «ишончли қўлланма» маъносидадир. Машҳур турк қомусий олими Котиб Чалабийнинг «Кашф аз-зунун» асарида берилган маълумотга кўра тарихда «Ҳидоя» номи билан боғлиқ 20дан ортиқ асар мавжуд. Бу асарлар фалсафа, мантиқ, табиат, илоҳиёт,   фиқҳ фанлари тўғрисида бўлган. Масалан, Абу Али ибн Сино «Ҳидоя фи тиб»(«Тиббиёт соҳаси бўйича Ҳидоя») асарини ёзган. «Ал-ийзоҳ ва ҳидоят ул-ҳикмат» («Шарҳ ва ҳикматга йўлланма») фалсафа ҳақида, муаллифи Умар ал-Абхорий. «Ҳидоят ул-хиёрий фи ажубати ал-яҳуд ва насоро» («Аҳли китобга жавоб беришда яхшиларнинг кўрсатмалари»), муаллифи ибн Қаййум Жавзия. Бу китоб ақоид масалаларининг ихтилофли ўринларини ечиб берган.
Бурҳониддин Марғиноний назарда тутган ҳуқуқий масалани ёритиш учун биринчидан фиқҳнинг асосий манбалари, ундан кейин Имоми  Аъзам Абу Ҳанифа, имом Молик, имом Шофеъий, имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг асарлари, Шайбонийнинг «Зоҳирур-ривоя» деб аталган китоблари («Мабсут», «Зиёдот», «Жомиъус-сағийр», «Жомиъул-кабийр», «Сиярус-сағиёр», «Сияғу-кабийр»), Абу Юсуфнинг «Китобул-хирож», Адабул-қозий», Абу Ҳанифа ва ибн Лайло орасидаги ихтилофлар, Авзоъий, Анас ибн Моликнинг айрим ҳуқуқий масалалр бўйича билдирган фикрларга ёзилган рад китоблари, имом Зуфар, Шайхул-ислом ибн Таймия ибнул-Жавзий асарлари, шунингдек улардан кейин ислом ҳуқуқининг асосий соҳаларида, турли мазҳаблар бўйича жуда кўп асарлар ёзган йирик фиқҳ илми мутахассис олимлари қолдирган сон-саноқсиз китоблар ва тўпламларни вараклаб чиқиб, уларда билдирилган фикру мулоҳазаларни бир-бири билан солиштириб, энг тўғри ва маъқул ҳамда ҳаётга мос келадиган хулосаларни чиқариш керак бўлган.
«Ҳидоя» тўрт жилддан иборат бўлиб, унинг ҳар бир жилди турли муаммоларни ҳуқуқий ечимига бағишланган.
Биринчи жилд 5 китобдан иборат бўлиб, таҳорат ва амалий ибодатлар (намоз, рўза, закот ва ҳаж)га бағишланган. Бу жилд 47 боб ва 37 фаслдан иборат.
Иккинчи жилдига никоҳ, эмизиш, талоқ, қулларни озод қилиш, топиб олинган боланинг насабини аниклаш, топиб олинган нарса, қочиб кетган қуллар, бедарак йўқолганлар, шерикчилик ва вақф ҳуқуқи каби масалалар киритилган. Бу жилд 60 боб, 36 фаслдан ташкил топган.
Учинчи жилдида (14 китоб) олди-сотди, пул муаммолари, кафолат, пулни бировга ўтказиш, қозиларнинг вазифалари, гувоҳлик, берилган гувоҳликдан қайтиш, ваколат, даъво, иқрор бўлиш, сулҳ, бир ишда пул билан шерик бўлиш, пулни саклашга бериш, қарз бериш, совга, ижара, муайян шарт асосида чекланган озодлик берилган қуллар, волийлик (патронат), мажбур қилиш, ҳомийлик, қисман озод бўлган қуллар ва босқинчилик хусусидаги масалалар ўрин олган. Бу жилдда 36 боб, 37 фасл бор.
Тўртинчи жилдида (76 китоб) эса шафоат, меросни тақсимлаш, деҳқончилик ҳамда боғдорчилик хусусида шартнома, қурбонликка сўйишадиган жонзод ҳақида, умуман қурбонлик қилиш ҳақида, шариатга зид ёмон нарсалар ҳақида, ташландиқ ерларни ўзлаштириш хусусида, тақикланган ичимликлар ҳақида, овчилик, гаровга бериш, жиноятлар хусусида, хун ҳақи тўлаш, васият каби масалалар ёритилган. Бу жилд 23 боб, 38 фаслдан иборат.

UZBEKISTAN WEATHER